Сув – бу сайёрамизнинг асосий табиий бойликларидан бири ҳисобланади. Биз cув ичамиз, кундалик эҳтиёжларимиз учун ишлатамиз, лекин ҳозирги вақтда ичимлик сувининг дунё бўйича танқислигини хаёлимизга ҳам келтирмаймиз. Яқин келажакда аҳолининг тоза сув ичимлигига бўлган эҳтиёжини қандай қондириш мумкин? Бу муаммонинг муқобил ечими борми? – Ҳа, албатта бор.

Тошкент шаҳридаги Ёджу техника институтининг «Муқобил энергия» йўналиши раҳбари Мамаюнусов Илхом, Исроилнинг “Waregen Inc” халқаро компанияси билан амалга оширилаётган лойиҳа доирасида Сенегал Республикасига учиб кетди. Сафардан мақсад - “Creating drinking water from Air” дастурини амалда татбиқ қилиш. 

Ҳаводаги намликдан ичимлик суви ишлаб чиқариш - бу бугунги кунда, муаммога мавжуд бўлган энг муҳим ва инновацион ечимлардан биридир. Кейинги ўн йил ичида дунё аҳолисининг 50% тоза ва хавфсиз ичимлик сувига эга бўлмаган жойларда яшаши кутилмоқда.

Ҳаводан сув технологияси ёрдамида қайта ишланадиган сувнинг сифати ва таъми энг юқори стандартларга жавоб беради. Ҳаводан сув ишлаб чиқариш - дунёга янги ичимлик суви манбасини тақдим этади, шаҳар сув таъминоти ва эски, қиммат инфратузилма ва қувурларга боғлиқликни йўқотади. Натижада, бу тўғридан-тўғри истеъмол қилинадиган жойдан юқори сифатли, мазали ичимлик сувига олиб келади. Ҳаводан сув олиш инсоният қўл урмаган соҳа. У углеродни талаб қиладиган таъминот занжирлари ва атроф муҳитга зарарли пластик чиқиндилар ва пластик идишдаги сувга бўлган эҳтиёжни бартараф этади.