«Бошланғич ва мактабгача таълим» йўналишида таҳсил олувчи талаба ёшлар ўзларининг назарий билимларини амалиёт узвийлигида ривожлантириш билан бир қаторда, маҳоратларини ҳам креатив беллашувлар орқали ошириб бормоқдалар. Куни-кеча муҳташам таълим масканимиз биносининг биринчи қават саҳнасида ташкил этилган интеллектуал, ижодий ва касбий доирадаги билимлар беллашуви бунга яқол мисол бўла олади. Ушбу беллашувда «Мактабгача таълим» ҳамда «Бошланғич таълим» йўналиши талаба-ёшлари томонидан намойиш этилган «Ўз-ўзини тақдимот қилиш», «Заковат викторинаси», «Рационалазиторлик ғоялари» ҳамда «Фикр, тасвир ва маҳорат» сингари бир қатор шартларга мос чиқишлар ижро этилди. Жамоалар ранг-баранг фикрлар, касбга доир тақдимотлар, инсонийлик ва ватанпарварликни тарғиб этувчи саҳна кўринишлари орқали ўзларининг нималарга қодир эканликларини намоён эта олдилар. Беллашув натижаларига кўра «Мактабгача таълим» йўналишининг «Моҳир педагоглар» жамоаси «Энг маҳоратли жамоа», «Бошланғич таълим» йўналишининг «Ўзбегим» жамоаси «Энг ижодкор жамоа», ҳамда «Келажак яратувчилари» жамоаси «Энг билимдон жамоа» номинациялари билан тақдирландилар.