Тошкент шаҳридаги Ёджу техника институтида «Инновацион таълим: халқаро тажрибалар, муаммо ва ечимлар» номли халқаро илмий - амалий анжуман бўлиб ўтди. Анжуман онлайн ва офлайн шаклда ташкил қилиниб, Россия, АҚШ, Қозоғистон ва Украина давлатларининг соҳага ихтисослашган олий ўқув юртларидан профессор - ўқитувчилар ҳамда тадқиқотчилар иштирок этишди.  Тадбирнинг асосий мақсади - ёш кадрларга таълим беришда олий ўқув юрти ва илмий-тадқиқот муассасалари билан ҳамкорликда фаолият олиб бориш, «устоз-шогирд» анъаналари асосида узвий тадқиқотлар амалга ошириш, бу соҳани жадал ривожлантиришга хизмат қилади.
Конференция иши «Тилларни ўқитиш тизимида инновация», «Ижтимоий ва гуманитар фанлар тизимидаги янгиликлар (инновациялар)”, «Педагогика ва психологияда инновация» ва «Бошланғич ва мактабгача таълим услубиёти» каби йўналишларга бўлинган ҳолда давом этди.
Ушбу конференцияга 350 дан зиёд илмий мақолалар юборилди ва улар алоҳида 3 қисмлик китоб сифатида чоп этилди.
Таъкидлаш жоизки, коронавирус пандемияси шароитида профессор - ўқитувчилар томонидан мақолаларни нашр этилишида бу каби анжуманлар муҳим аҳамият касб этмоқда.
Халқаро илмий - амалий анжуманда Томчани Людмила Вадимовна – Ўзбекистондаги Рус маданият марказининг раис ўринбосари, Янченко Владислав Дмитриевич – Москва давлат педагогика университети Филология институтининг рус тилини ўқитиш услубиёти кафедрасининг мудири, педагогика фанлари доктори, профессор, Бокижанова Галина Каскарбековна – Инсонпарварлик педагогика академияси директори, п.ф.н., М ва БТ кафедраси доценти, Кожахметов Асилбек Базарбаевич - AlmaU асосчиси ва президенти, профессор, Сулжина Ирина Владимировна – Россия фан ва маданият марказининг рус тили дастурлари координатори, Алимов Каҳрамон Танзилович – Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазирининг биринчи муовини, п.ф.д., профессор, Laurie A. Wolfe – Anoka Ramsey номидаги муниципал коллежининг Психология департаменти психологи, Чудакова Вера Петровна – Украина Миллий педагогика  академиясининг катта илмий ходими ва бошқа мартабали меҳмонлар қатнашдилар .