Hisense Group

Хитойнинг йирик электрон ахборот саноат компанияси Hisense Group вакиллари Тошкент шаҳридаги Ёджу техника институтига ташриф буюрдилар. Марказий Осиё минтақасидаги Hisense Group компанияси ваколатхонасининг директори Рок Тонг бошчилигидаги меҳмонларни институт ректори Ж. Кудайбергенов кутиб олди. Учрашув чоғида компания вакиллари келажакда нафақат ўз маҳсулотларини Ўзбекистон бозорларида сотиш, балки илм-фан ривожланишига ҳам ўз ҳиссаларини қўшиш истагида эканликларини маълум қилишди. Меҳмонлар тажриба сифатида Малайзиянинг UM ва UTAR университетлари билан яқиндан ҳамкорликлари самара бераётгани айтиб ўтишди. Шунингдек, Hisense Group компанияси  ишлаб чиқараётган технологик ва инновацион маҳсулотларни ишлатиш ва бошқаришда яхши кадрларга талаб ўсиб бораётгани, шу мақсадда компания томонидан мутахассисларни тайёрлаш мақсадида махсус "Hisense Training" марказларини ташкил қилиш ва у ерда институт талабаларни ўқитиш таклифи ҳам берилди. Ж. Кудайбергенов муҳокама қилинган мавзулар долзарблигини ҳамда талабалар келажаги учун манфаатли бўладиган ҳамкорликка институт доимо тайёр эканлигини билдирди.