Ижод ва гўзаллик оламидан фото лавҳалар
6 март куни пойтахтимизнинг муҳташам тасвирий санъат галереясида «Либослар дизайни» йўналиши талаба қизларининг ижодий кўргазмаси бўлиб ўтди.
Кўргазмани табрик сўзи билан Тошкент шаҳридаги Ёджу техника институтининг ректори Жанполат Кудайбергенов очиб берди. Тадбирда ёш дизайнерларнинг 150 га яқин ишлари намойиш қилинган бўлиб, улардан архитектура, ретро романтика, стилизация, кинематография мавзуларига доир коллекциялар тайёрланган эди. Жонли мусиқа садолари остида намойиш этилган турфа либослар туркуми меҳмонларни эртаклар оламига саёҳат қилдирди десак, муболаға бўлмас. Айниқса, тадбир иштирокчиларига миллий либосларимизнинг замон билан уйғунлиги манзур келди. Ўзбекистон Бадиий академиясининг Бадиий ижодкорлар уюшмаси раиси Иброҳим Валихужаев кўргазмадан олган таассуротлари билан тадбирни якунлаб берди. 
Биз эса, ўз навбатида, Ўзбекистонда йилдан-йилга мода саноатида истеъдодлар сони ошиб боришига ва давлатимизнинг дунё миқёсида машҳурлик қозонишига ишонамиз.