Ҳозир мактабларга борсангиз, аксарият 15 йил аввалгидан кўра зеҳни, фикрлаши ва тил билиш даражаси юқори бўлган ўқувчиларни кўп учратасиз. Ёки ота-оналар ва катта ёшдагиларни орасида «Тавба, сенинг ёшингда мен бу нарсаларни билмас эдим ҳам - содда бўлганимизда», - деган гапларга ҳам гувоҳ бўлиб турамиз. Ҳа шундай, замон жадал суратлар билан ривожланиб бормоқда, ҳар соат янги билим ва имкониятлар изидан боришга мажбурмиз. 

Давр талабини чуқур ҳис қилган ҳолда, Тошкент шаҳридаги Ёджу техника институтининг «Таълим» йўналишининг 2-курс талабаси Сагдиева Солиҳа дунёнинг исталган нуқтасида бошланғич синф ўқувчиларига дарс бера олиш имконини берувчи сертификатни қўлга киритди (TEFL specialized TEYL 70-hour course Advanced Certificate course).

Дастур инглиз тилини чет тили сифатида ўқитиш назарияси ва амалиёти билан уйғунлаштиришга мўлжалланган. Шунингдек, сертификат бутун дунё ўқитувчилари билан халқаро таълим ҳамжамиятининг бир қисмига айланишга, доимий равишда илм, ғоя ва услублар алмашинувига имкон беради.