Республика бўйича энг иқтидорли ёшларни саралаб олиш ниятимиз бор!

Тошкент шаҳридаги Ёджу техника институти (ТЁТИ) ходимлари қарийб бир ой мобайнида юртимизнинг турли шаҳар, туман ва қишлоқларига бориб билимга чанқоқ битирувчи ўқувчилар билан суҳбат ўтказишмоқда. Бу галги хизмат сафари Навоий шаҳрининг Қизилтепа ва Кармана туманларидаги умумтаълим мактабларига уюштирилди. Ёшларга ТЁТИ нинг таълим йўналишлари, кириш имтиҳонлари ва институтда яратилган шарт-шароитлар тўғрисида батафсил маълумот бериш учун Зуҳра Жумаева бошчилигида уч нафар талабаларимиз Ж. Ғаниев, Б. Ғойбуллаев ва М. Иботовалар ҳам йиғилишларда фаол иштирок этдилар. Талабаларимиз институт ҳаёти ва ўқиш билан боғлиқ барча саволларга ўз тажрибаларига асосланиб жавоб беришди. Учрашув сўнгида Навоий тумани халқ таълими бошқарма бошлиғи  М. Шамуратов ТЁТИ раҳбариятига хат йўллаб, унда тадбирда иштирок этган ёшларда таълим масканимизга катта қизиқиш уйғонганини билдирди. Биз ҳам, ўз навбатида, ёшларни келажаги учун бефарқ бўлмаган Навоий тумани халқ таълими бошқармаси, устозлар ва мактаблар раҳбарларига ўз миннатдорчилигимизни билдирамиз.

Байрам арафасида, дўстона руҳда ташкил этилган бу учрашув битирувчиларга келажак йўлларини аниқлаб олишларига туртки бўлганига ишонамиз. Зеро, юртимизда архитектура ва шаҳарсозлик, муқобил энергия, қурилиш, ахборот тизимлари муҳандислиги, лифт муҳандислиги каби йўналишлардаги малакали кадрларга эҳтиёж катта.