Тошкент шаҳридаги Ёджу техника институтида 2021-2022 ўқув йили учун талабалар уюшмасига «Сардор» сайланди.
Бир ой давомида, тўртта “YNG”, “Be light”, “United Legends”, ва “The Leaders Team” жамоалари ўз лойиҳалари билан, фаол беллашдилар. Сайлов олди тарғиботида хар бир жамоа, талабаларга имтиҳон олди тайёрлов тестлари, қўшимча дарслар, мотивацион "Guest lecture“, мастер-класс, ”Karaoke party", корейс таомлари тайёрлаш тўгараги ва буғилар фермасига саёҳат каби кўнгил очар машғулотлар ташкил қилди.
Тарғибот натижасига кўра, 23 декабрь куни, бўлиб ўтган сайловларда "The Leaders Team" жамоаси энг кўп овоз тўплаб, мутлақ ғолиб деб топилди.
Мазкур уюшма талабаларни ижтимоий ҳимоя қилиш, уларнинг иқтидорларини намойиш этишлари учун имкон яратиш, ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашни мақсад қилган. Ривожланган давлатларнинг номдор ОТМларида бундай уюшмалар ўз зиммасига кампусдаги ижтимоий муҳитни назорат қилиш, талабалар иштирокида турли лойиҳаларни амалга ошириш сингари вазифаларни бажаради.
Тошкент шаҳридаги Ёджу техника институтида фаолият юритган кўнгиллилар эндиликда уюшмага бирлашди. Университет раҳбарияти талабаларнинг ушбу ташаббусини ижобий баҳолади ва ушбу уюшма фаолиятига йўл очди. Биз ҳам талабалар уюшмаси томонидан бир қатор амалий лойиҳалар ва яхши натижалар кутиб қоламиз.