Тошкент шаҳридаги Ёджу техника институтида (ТЁТИ) илм-фанни ривожлантириш, тадқиқотларни ишлаб чиқариш билан интеграция қилиш, илмий фаолият натижадорлигини ошириш, иқтидорли талабалар илмий изланишлар олиб бориши учун зарур шароитлар яратиш мақсадида қатор ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, куни кеча ТЁТИда техника фанлари доктори, профессор Шарипов Конгратбай Авезимбетович меҳмон бўлди. Ташриф асносида, Конгратбай Авезимбетович  «Муқобил энергия» ва «Лифт муҳандислиги» йўналиши талабалари учун  «Таълим, фан ва ишлаб чиқариш интеграцияси» мавзусида маъруза қилди.
Маърузанинг амалий давоми сифатида, бугунги кунда мамлакатимизда турли модификациядаги лифтларни ишлаб чиқариш бўйича етакчи ўринни эгаллаган «ТОШАФУС» МЧЖ ҚК-Ўзбекистон-Корейс қўшма корхонасига экскурсия уюштирилди.
Экскурсия давомида саноат корхонаси раҳбарияти ва эксперт муҳандислари талабаларимизни ишлаб чиқариш жараёнини лойиҳалашдан тортиб тайёр маҳсулотни синовдан ўтказишга қадар бўлган жараён билан таништирдилар. Амалий машғулотларни ўтказиш имкониятлари тўғрисида талабалар ўзларини қизиқтирган саволларига ҳам жавоб олдилар.
Шуни таъкидлаш лозимки, корхона раҳбарияти келгусида ТЁТИ Инновацион маркази негизида қўшма ихтисослаштирилган лаборатория ташкил қилишни таклиф қилди.