Бугун, Тошкент шаҳридаги Ёджу техника институти ва «Gross Insurance» суғурта компанияси ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди.
Ҳамкорлик доирасида архитектура, муқобил энергия ва ахборот технологиялари соҳасида иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлашга қаратилган тизимли ишлар ҳамда истиқболли лойиҳалар йўлга қўйилиши энг олий мақсад этиб белгиланди.
Қуйидаги йўналишлар орқали ўзаро ҳамкорлик фаолияти йўлга қўйилиши кўзда тутилган:
- ҳар икки томонга ҳам тегишли бўлган соҳаларда илмий-тадқиқот ишларини олиб боришда Институт ва Компания ўртасидаги ўзаро ҳамкорликнинг самарали механизмларини ишлаб чиқиш ва синовдан ўтказиш;
- замонавий талабларга жавоб берадиган компания учун юқори касбий маълумотга эга кадрларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш;
- турли форматдаги қўшма тадбирларни, шу жумладан конференциялар, семинарлар, консультациялар, кўргазмалар, тақдимотлар, стажировкалар, ва бошқаларни ўтказиш;
- ўзаро манфаатли илмий тадқиқотлар, янги ишланмалар, нашрлар ва бошқа материалларни тарқатишга кўмаклашиш.
Маълумот ўрнида айтиб ўтиш керакки: «Gross Insurance» компанияси 2011 йил ноябрь ойидан бошлаб, суғурта соҳасининг барча – 17 суғурта турлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг лицензияси асосида ихтиёрий ва мажбурий шаклда фаолият юритмоқда. Ўз фаолияти давомида Компания фаол ривожланмоқда ва ўз мақсадларига қатъий ишонч билан эришиб келмоқда. Йиллар давомида ноёб тажрибага эга бўлди ва ўз кучига ишончни қозонди. Минглаб одамлар ва корхоналар ўзларининг манфаатларини ҳимоя қилишни компанияга ишонишади ва бу мижозларнинг компанияга ишончи тасдиғидир.