Жорий йилнинг 31 март куни Тошкент шаҳридаги Ёджу техника институтига Тошкент Француз Альянси вакилларидан иборат делегация ташриф буюрди. Делегацияга Франция элчихонасининг маданият ва ҳамкорлик бўйича маслаҳатчиси, жаноб Лоран Ориол бошчилик қилди. Меҳмонларни Институт ректори, профессор Жанполат Кудайбергенов кутиб олди. Ректор меҳмонларга Институт таълим дастурлари ҳамда олдига қўйган мақсад ва вазифалари тўғрисида батафсил маълумот берди. Ўз навбатида, жаноб Лоран Ориол маданий-маърифий соҳада турли тадбирларни ташкил қилиш, француз тилини ўргатиш, университетлараро ҳамкорликни ривожлантириш, ўзбек талабаларига таълим грантларини ажратиш каби йўналишларда ҳамкорликка тайёр эканлигини билдирди. Учрашув чоғида «Либослар дизайни» йўналиши талабалари махсус либослар намойишини тақдим этишди. Йўналиш талабалари учун Франция мода академияси билан ҳамкорликда Францияда 3+1 дастури асосида таълимни давом эттириш бўйича ҳамкорликка келишиб олинди.