Тошкент шаҳридаги Ёджу техника институти ректори Жанполат Кудайбергенов томонидан тавсия этилган 5 та китоб рўйхати.

Ҳадемай якуний имтиҳонлар тугаб, талабалар анчадан бери кутаётган таътил ҳам келади. Таътилни мароқли ва фойдали ўтказиш учун биз Тошкент шаҳридаги Ёджу техника институти ректори, профессор Жанполат Кудайбергеновдан ўқиш учун тавсия қиладиган китоблар тўплами билан қизиқдик. Улар бизга менежментдаги қийинчиликларни енгишга ёрдам бера оладиган, вақтдан унумли фойдаланишга ундайдиган ва янги ютуқларга илҳом берадиган қуйидаги китобларни ўқишга тавсия қилдилар.

«Қатъийлик билан вақтни бошқаринг. Ўз ҳаётингиз бошқарувини қўлга олинг", Дан Кеннеди.

Вақтни тўғри бошқариш ҳар бир инсон ҳаётида муҳим ўрин тутиши ҳеч кимга сир эмас, айниқса сиз раҳбар бўлсангиз, режалаштирилган барча ишларни бажариш учун вақт топишга ва тўғри кун тартибини тузишга оид амалий тавсиялар муҳим. Китобда, ҳатто, иши жуда кўплигидан оиласига ҳам вақт топа олмайдиган инсонлар учун қандай қилиб ҳар бир кундан максимум унумли фойдаланиш ҳақида тавсиялар берилган. Китобни ўқиб бўлгандан сўнг, сиз ўз вақтингизни ҳақиқатан ҳам қадрлашни ўрганасиз.

«Умумий манфаат учун иқтисодиёт», Жан Тироль

Нобель мукофоти совриндори Жан Тиролнинг бу китобида қандай қилиб иқтисодий тушунчалар ёрдамида ҳаётда мавжуд бўлган турли муаммоларга ечим топиш мумкинлиги жуда яхши тушунтирилган. Шу жумладан, бизнинг келажагимизга катта таъсир кўрсатадиган масалалар ҳам бор. Бу нафақат молиявий инқирозлар, балки ишсизлик, Ер сайёрасининг глобал исиши, рақамли инқилоб ва бошқалар.

 “Секин ўйланг ... Тез қарор қабул қилинг”, Даниэль Канеман

Биз кўпинча ўзимизни мантиқсиз тутамиз, хатоларга йўл қўямиз ва буни ҳиссиётлар ёки бепарволик билан оқлаймиз. Иқтисодиёт бўйича 2002 йилнинг Нобель мукофоти совриндори, психолог Даниэль Канеман ўзининг бестселлерида ушбу мантиқсиз хатти-ҳаракат учун ўзгача  тушунтириш беради - фикрлашимиз хатолари унинг мураккаб таркибига боғлиқ. Муаллиф фикрлашни икки тизимга ажратиб кўрсатган: «Тизим - 1» ва «Тизим - 2». «Тизим - 1» биз ўрганиб қолган воқеаларга муносабат билдиради, у тез, автоматик ва қийинчиликсиз ишлайди. Агар биз одатий бўлмаган, кундалик тажрибамиз доирасидан ташқарида бўлган нарсага дуч келсак, «Тизим - 2» ишга тушади, у секин ишлайди ва биздан катта ақлий куч талаб этади. Ягона муаммо шундаки, кўпгина номаълум саволларга кўпинча танқидий фикрлайдиган «Тизим 2» эмас, балки автоматик равишда «Тизим 1» жавоб беради, номаълум ҳодисани таниш нарса деб адаштиради. Бу бизнинг фикрлаш ва хатти-ҳаракатларимиздаги жиддий хатоларга олиб келади. Шу каби мисоллар ушбу китобда муҳокама қилинади.

«Бахт тақдим қилиб», Тони Шей 

Zappos асосчиси Қўшма Штатлардаги мижозларга хизмат кўрсатувчи энг яхши компанияни қандай қилиб нолдан яратгани ҳақида ҳикоя. Китобда компаниянинг юқорилагани ва пастлагани, барча қийинчиликларни қандай енгиб ўтгани жонли ва ранг-баранг тасвирланган. Бу, муаллифнинг ёзувчилик истеъдоди туфайли энг қувноқ ва ҳаётий ҳамда унинг тадбиркорлик маҳорати туфайли таъсирчан ва фойдали қилиб яратилган бизнес китоблардан биридир.

«Менинг ҳаётим, менинг ютуқларим», Генри Форд

Асарда 20-асрнинг энг таниқли америкалик тадбиркорларидан бири - Генри Форднинг таржимаи ҳоли ва йирик ғалабалари акс эттирилган. Унинг раҳбарлик қобилиятига, маҳоратига қойил қолмасдан иложи йўқ. Бутун дунё бўйлаб ҳозирда кўплаб компанияларнинг иш жараёнида қўлланиладиган қатор ишлаб чиқариш, иш вақтини қисқартириш, энг кам иш ҳақини белгилаш, беш кунлик иш ҳафтаси каби усуллар унинг муллифлигига тегишлидир.