Жорий йилнинг 30 март куни Тошкент шаҳридаги Ёджу техника институти, Берлин техника университети ҳамда Германиянинг спин-офф компанияси EXOLAUNCH GmbH ўртасида мамлакатимизда илк бор ўзбек - немис Олий муҳандислик мактабини ташкил этиш бўйича уч томонлама шартнома имзоланди. Битм Ўзбекистоннинг Германиядаги  давлат элчиси иштирокида бўлиб ўтди. Дастлабки босқичда Тошкент шаҳридаги Ёджу техника институти базасида «Электротехника» ва «Космик муҳандислик ва технологиялар» каби иккита янги йўналишларнинг очилиши кўзда тутилган. 

 Ҳамкорликнинг яна бир муҳим йўналиши бу - Европа Иттифоқи ва Германия томонидан молиялаштириладиган талабалар учун академик мобил дастурларни жорий этиш, шунингдек, ёзги ва қишки мактабларни амалиёт билан боғлаган ҳолда биргаликда ташкил этишдан иборат.

 Сўнги йилларда юртимизда мавжуд илмий-технологик йўналишларни кенгайтириш ва талаб юқори бўлган янги соҳаларни яратишга қаратилган кенг кўламли фаолият олиб борилмоқда. Жумладан, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Космик тадқиқотлар ва технологиялар агентлиги («Ўзкосмос») ташкил қилинганлиги бунга мисол бўла олади. Шу билан бирга, мамлакатда қишлоқ ва сув хўжалиги, экология, телекоммуникация, геология-қидирув, картография, метеорология, сейсмология ва шаҳарсозлик соҳаларининг самарадорлигини ошириш имконига эга бўлган ерни масофадан туриб зондлаш, йўлдош алоқа, навигация тизимлари каби космик тадқиқотлар ва технологиялар соҳасида фаолият олиб борувчи малакали кадрларга эҳтиёж ҳамон сақланиб келмоқда. 

 Берлин техника университети (БТУ) тасодифан танланган эмас, нуфузли Германия университети таълим дастурлари ва таълим сифати, шу жумладан космик технологиялар соҳасида дунёда етакчи ўринни эгаллайди.

 Бугунги кунда, ер орбитаси атрофида БТУнинг 20 дан ортиқ ўз сунъий йўлдошлари ўрнатилган бўлиб, БТУ шўба корхонаси «EXOLAUNCH GmbH» Германияда кичик (pico) космик кемаларини ишлаб чиқарадиган ва Европанинг «Союз» ва "FALCON-9» ракета ташиш хизматларини амалга оширувчи йирик провайдерлардан бири ҳисобланади. 

 Лойиҳанинг мақсади - Ўзбекистон саноати учун юқори малакали кадрлар тайёрлаш, илмий салоҳиятни ривожлантириш, Германия компанияларини Ўзбекистон бозорига жалб қилиш, Германия техник таълимининг илғор стандартларини жорий этиш орқали Ўзбекистонда муҳандислик таълимининг изчил ривожланишига кўмаклашишдан иборат.

 Имзоланган шартнома, Тошкент шаҳридаги Ёджу техника институтига Эрасмус + лойиҳаларида кенг кўламда қатнашишга имкон беради ва мамлакатлар ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлашга қўшимча туртки бўлади.