Ўзбекистондаги Американинг халқаро франчайзинг компанияси, Marriott International меҳмонхонаси билан ўзаро ҳамкорлик тўғрисидаги меморандум имзоланди. Эндиликда, Тошкент шаҳридаги Ёджу техника институтининг «Туризм» йўналишида таҳсил олаётган иқтидорли талабалар ўз касбининг тажрибали усталари билан ишлаш имконига эга бўладилар. Бугун ТЁТИ ректори Ж. Кудайбергенов ва Marriott International Tashkent меҳмонхонасининг бош менежери А. Баканов билан ҳамкорлик режаларини белгилаб олдилар. Суҳбат чоғида Александр Баканов Москва шаҳридаги "Hilton Garden Inn" меҳмонхонасида татбиқ этган муваффақиятли тажрибасини Ўзбекистонда ҳам қўллаш ниятида эканлигини айтиб ўтди. Тажрибага кўра, асосий мақсад - меҳмонхона қошида талабаларга таълим маскани ташкил қилиб, амалиёт учун кредит модул тизимини жорий қилиш бўлади. Шунда, амалиёт даври уч босқичга бўлинади: 
1. Ресторан соҳасида - 3 ой амалиёт
2. Housekeeping соҳасида - 3 ой амалиёт
3. Front office соҳасида - 3 ой амалиёт
Натижада, амалиёт даврининг ўзида талаба меҳмонхонанинг қайси йўналишида ўз иқтидорини намойиш қила олишини аниқлаб олади. Ниҳоят, энг асосийси, амалиёт даврида у меҳмонхона иш тизимини бутунлай ўзлаштириб олади. Шунингдек, туризм йўналишидаги талабалар учун OPERA PMS дастурини ўрганиш иш берувчининг асосий талабларидан бири эканлиги таъкидлаб ўтилди. 
Пандемия шароитига қарамай, туризм соҳаси давомий соҳалардан бири бўлганлиги туфайли, малакали кадрларга эҳтиёж доимий равишда ўсиб бориши айтиб ўтилди. 
Тадбир сўнгида, тез кунларда институтнинг Туризм йўналиши талабаларни амалиётга таклиф қилиш учун эълон берилиши тўғрисида келишиб олинди.