Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Космик тадқиқотлар ва технологиялар агентлиги («Ўзкосмос») ва Тошкент шаҳридаги Ёджу техника институти (YTIT) ўртасида ҳамкорлик йўлга қўйилди. Талаб юқори бўлган янги йўналишларни яратишга қаратилган фаол инвестиция сиёсати даврида малакали кадрларга бўлган эҳтиёж ҳамон сақланиб қолмоқда. Хабарингиз бор, Тошкент шаҳридаги Ёджу техника институти базасида, Берлин техника университети билан ҳамкорликда «Электротехника» ва «Космик муҳандислик ва технологиялар» каби иккита янги йўналишлар ташкил қилинди. Жорий йилнинг 1  май кунидан бошлаб, ушбу йўналишларга ҳужжатлар қабули бошланади. Келажакда «Космик муҳандислик ва технологиялар» йўналишида таҳсил оладиган талабалар «Ўзкосмос» агентлигида амалиёт ўташлари ва иш билан таъминланиши режалаштирилган. Ундан ташқари, ҳамкорлик доирасида YTIT га Германиядан жалб этиладиган мутахассислар билан «Ўзкосмос» агентлиги ходимлари ўртасида тажриба алмашиш, космик ва йўлдош технологияларни жорий этиш бўйича лойиҳаларни амалга ошириш, илмий семинар ва конференциялар ташкил қилишга келишиб олинди.